narrator-icon
100 та саволга 100 та жавоб

Жавоб: Янгиланган Конституциямизда Ўзбекистон ўзини ижтимоий давлат деб эълон қилмоқда. Ижтимоий давлатда эса шахснинг муносиб ҳаёт кечириши учун етадиган иш ҳақи олиши, бандлиги таъминланиши, хавфсиз меҳнат шароитида ишлаши учун шарт-шароитлар яратилиши лозим.

Шу муносабат билан янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 42-моддасида Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори инсоннинг муносиб турмуш даражасини таъминлаш зарурати ҳисобга олинган ҳолда белгиланади, деган янги норма белгиланди.

Инсоннинг муносиб яшаши деганда, инсоннинг яшаш харажатларини (озиқ-овқат, кийим-кечак, уй-жой, коммунал, транспорт, алоқа ва бошқ.) қоплаш, шунингдек таълим олиш, соғлиқни сақлаш, дам олиш ва бошқа эҳтиёжларини қондириш имкониятига эга бўлиши тушунилади.

Меҳнат қилаётган ҳар бир инсон асосий эҳтиёжларини қондириш учун етарли маблағга эга бўлиши керак. Ўз навбатида, давлат фуқарога меҳнатига яраша иш ҳақи тўланишининг чораларини кўриши ва кафолатларини таъминлаши, иш берувчи эса ходим олдидаги мажбуриятларини бажариши шарт.

Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори тушунчаси халқаро қабул қилинган бўлиб, бутун дунёда кенг тарқалган ижтимоий адолат принципларидан биридир. Бу меъёр мамлакатимизнинг халқаро ҳужжатлари билан ўз зиммасига олган мажбуриятларида ҳам кўзда тутилган. Масалан, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида ҳар бир ишловчи шахсга муносиб яшашини таъминлайдиган адолатли ва қониқарли даромад олиш ҳуқуқига эга эканлиги мустаҳкамланган.

Шунингдек, Халқаро меҳнат ташкилотининг Ривожланаётган давлатлар хусусиятларини эътиборга олган ҳолда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорини белгилаш тўғрисидаги конвенциясида энг кам иш ҳақи даражасини аниқлашда мамлакатдаги иш ҳақининг умумий даражаси, истеъмол нархлари, ижтимоий нафақалар ва бошқа ижтимоий гуруҳларнинг қиёсий турмуш даражасини ҳисобга олган ҳолда белгиланиши лозимлиги кўрсатилган. Иш берувчи томонидан ходимга иш ҳақини белгилашда юқоридаги талаблар инобатга олишлари лозим.

Мазкур янги норманинг Конституцияда белгиланиши фуқароларнинг иш ҳақлари миқдори шунчаки эмас, айнан уларнинг муносиб турмуш кечириши таъминлашда, пировард натижада аҳоли турмуш даражасини яхшилашда ва мамлакатда ижтимоий адолатни таъминлашда амалий аҳамиятга эга.

Жавоб: Фуқароларни ишсизликдан ҳимоялаш, янги иш ўринларини яратиш, камбағалликни қисқартириш ҳар қандай давлатнинг асосий вазифаларидан биридир.

Шу боисдан, янгиланган Конституциямизнинг 43-моддасида “Давлат фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, уларни ишсизликдан ҳимоя қилиш, шунингдек камбағалликни қисқартириш чораларини кўради. Давлат фуқароларнинг касбий тайёргарлиги ҳамда қайта тайёрланишини ташкил этади ҳамда рағбатлантиради”, деган норма белгиланди.

Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли даромадларини ошириш орқали 2026-йилгача камбағалликни камида икки бараварга камайтириш белгиланган. Бунинг учун, норасмий ишлаётган 2,5 млн. фуқаронинг бандлигини легаллаштириш, аёллар орасидаги ишсизлик даражасини 2 бараварга камайтириш, касбга ўқитиш кўламини 2 бараварга ошириш, яъни  1 млн. нафар ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш, 700 мингдан зиёд ишсиз хотин-қизларни давлат ҳисобидан касб-ҳунарга ўқитиш, иш билан банд бўлмаган хотин-қизларни тадбиркорликка жалб қилиш, шунингдек, ҳудудларда хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш орқали кейинги 5 йилда 3,5 млн. янги иш ўринларини яратиш кўзда тутилган.

Ўзбекистонда давлат фуқароларни ишсизликдан ҳимоя қилиш ва камбағалликни қисқартириш чоралари қаторида маҳаллалар кесимида ижтимоий ҳимояга муҳтожлар рўйхати “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ва “Меҳр дафтари” орқали маҳаллаларда иш юритиш йўлга қўйилган. 2023 йил
1 январь ҳолатига “Темир дафтар”га киритилган 662,7 минг оила, уларнинг 2,8 млн.нафарга яқин аъзоларининг 730,5 минг нафар меҳнатга лаёқатли ишсизлари бандлигини таъминлаш орқали 632,2 минг оила “Темир дафтар”дан чиқарилди.

Фуқароларимизни чет элда меҳнат қилиш ҳуқуқларини амалга ошириш борасида ҳам уларни касбий тайёрлаш ва ишга жойлаштиришнинг хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизими яратилди. Бугунги кунда Ўзбекистон 32 дан ортиқ давлатлардаги  475 дан ортиқ иш берувчилар билан шартномалар тузилиб, (41та рекуретинг билан бирга 516) ташқи мигрантларга ишга жойлаштириш, ўқитиш, суғурта, кредит, микроқарз каби ўнга яқин хизматлар кўрсатилмоқда.

Бундай нормалар Италия, Чехия, Финляндия, Польша, Хитой каби давлатлар конституцияларида ҳам назарда тутилган.

Конституцияга киритилган янги норма иш билан таъминланмаган фуқароларни, айниқса ишсиз аёлларни сонини кескин камайтиришга, фуқароларни камбағаллик ҳолатига тушиб қолишининг олди олишга ёки камбағаллик тоифасига кириб қолган фуқароларни ундан чиқариш бўйича  давлат томонидан тегишли чораларини кўрилишига конституциявий кафолат сифатида хизмат қилади.

ЖавобМеҳнатга оид халқаро ҳужжатлар ва миллий қонунчиликда болаларни меҳнатнинг оғир шакллариёки уларнинг мажбурий меҳнати қатъий тақиқланган.

Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёев 2022 йил 20 июндаги Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича амалдаги тизимнинг самарасини ошириш мақсадида Конституциямизда болалар меҳнатига йўл қўймаслик ҳам ўз аксини топишини қайд этган эди.

Ўзбекистон Республикаси 2008 йилда Халқаро меҳнат ташкилотининг Болалар меҳнатининг оғир шаклларини тақиқлаш ва йўқ қилишга доир шошилинч чоралар тўғрисидаги Конвенцияни ратификация қилган.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Жиноят кодексида вояга етмаган шахсларнинг меҳнатидан фойдаланишга йўл қўйилмаслиги тўғрисидаги талабларни бузиш яъни  вояга етмаган шахс меҳнатидан унинг соғлиғига, хавфсизлигига ёки ахлоқ-одобига зиён етказиши мумкин бўлган ишларда фойдаланиш учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик чоралари белгиланган.

Янгиланган Конституциямизнинг 44-моддасида Болалар меҳнатининг боланинг соғлиғига, хавфсизлигига, жисмоний, ақлий ва маънавий жиҳатдан тўлақонли ривожланишига хавф солувчи, шу жумладан унинг таълим олишига тўсқинлик қилувчи ҳар қандай шакллари тақиқланади”, деган қатъий норма мустаҳкамланди.

Пахта далаларида ёки бошқа қишлоқ хўжалиги ишларида, умуман бошқа соҳаларда ҳам болалар меҳнатидан фойдаланиш, айниқса уларни жалб қилишнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича тизимли ва қатъий ислоҳотлар натижасида Ўзбекистонда болаларнинг мажбурий меҳнати тўлиқ барҳам топди. 2 миллионга яқин болалар мажбурий меҳнатдан озод қилинди.

Эндиликда, бу борадаги давлат сиёсатини конституциявий даражада мустаҳкамлашга қаратилган муҳим қадамлар ташланмоқда.

Боланинг соғлиғи, хавфсизлиги, тўлиқ ривожланишига таҳдид соладиган ҳар қандай турдаги болалар меҳнатини тақиқлайдиган норма Япония, Португалия, Руминия, Польша, Словения каби давлатлар конституцияларида мавжуд.

Конституциямизга илк маротаба киритилган мазкур норма мамлакатимизда ушбу соҳада эришилган ютуқларни қатъий мустаҳкамлайди ҳамда болаларнинг меҳнатнинг оғир шаклларидан ҳимоя қилиш, уларни соғлом ва баркамол бўлиб вояга етишишлари учун муҳим ҳуқуқий кафолат бўлиб хизмат қилади.

Айни пайтда, ушбу конституциявий норма болаларнинг соғлиги, хавфсизлиги, тўлиқ жисмоний, ақлий ва маънавий ривожланишига таҳдид солмайдиган, таълим олиш жараёнини бузмайдиган тарзда меҳнат қилишларига тўсқинлик қилмайди. Хусусан, амалдаги Меҳнат кодексига мувофиқ меҳнатга тайёрлаш учун умумтаълим мактаблари, ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртларининг ўқувчиларини уларнинг соғлиги, хавфсизлиги, тўлиқ жисмоний, ақлий ва маънавий ривожланишига таҳдид солмайдиган, таълим олиш жараёнини бузмайдиган енгил ишни ўқишдан бўш вақтида бажариши учун –  улар ўн беш ёшга тўлганидан кейин ота-онасидан бирининг ёки ота-онасининг ўрнини босувчи шахслардан бирининг ёзма розилиги билан ишга қабул қилишга йўл қўйилади.

Жавоб: Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 25-моддасида “Ҳар бир инсон ... тиббий хизмат ва зарур ижтимоий хизматга эга бўлишга ҳамда ишсизлик, касаллик, ногиронлик, бевалик, қарилик ёки унга боғлиқ бўлмаган шароитларга кўра тирикчилик учун маблағ бўлмай қолган бошқа ҳолларда таъминланиш ҳуқуқига эга”, деб белгиланган.

Бу ҳуқуқни таъминлаш – ижтимоий давлатнинг асосий вазифаларидан биридир. Конституциямизда Ўзбекистонни – ижтимоий давлат сифатида белгиланиши ижтимоий таъминот соҳасида давлат сиёсатини янада самарали амалга оширишнинг долзарблигини оширади.

Шундан келиб чиқиб, ижтимоий адолат тамойилига амал қилиш мақсадида янгиланган Конституциямизнинг 46-моддасида “қонунда белгиланган пенсиялар, нафақалар ва бошқа турдаги ижтимоий ёрдамнинг миқдорлари расман белгиланган энг кам истеъмол харажатларидан оз бўлиши мумкин эмас”, деган норма мустаҳкамланди.

Бу билан, амалдаги Конституциядаги “тирикчилик учун зарур энг кам миқдор” сўзлари ўрнига энг кам истеъмол харажатларидан оз бўлиши мумкин эмас” деган сўзлар қўлланилмоқда. Чунки, “тирикчилик учун зарур миқдор”, деган кўрсаткич Халқаро озиқ-овқат хавфсизлиги ташкилоти томонидан белгиланган нормадан паст ҳисобланади. Қолаверса, тирикчилик деганда, фақатгина инсонни яшаб қолиши учун қилинадиган харажатлар тушунилади, “энг кам истеъмол харажатларида” эса нафақат озиқ-овқат, балки кийим-кечак, турли хизматлардан фойдаланиш, таълим олиш, соғлиқни сақлаш ва бошқалар билан таъминланиши тушунилади.

2022 йил йилда тарихимизда илк бор пенсия ва ижтимоий нафақалар миқдори минимал истеъмол харажатларидан кам бўлмаган даражага олиб чиқилди. Мисол учун, 2017 йилда кам таъминланган 500 минг оила ижтимоий ёрдам олган бўлса, бугунга келиб 2 миллиондан ортиқ оилаларга кўмак берилмоқда. Ажратилаётган маблағлар эса, 7 баробар кўпайтирилиб, йилига 11 триллион сўмга етди.

Энг кам истеъмол харажати деганда, инсоннинг асосий эҳтиёжларини қондириш учун бир ой давомида зарур бўладиган товар ва хизматларни сотиб олишга етадиган маблағ миқдори тушунилади. Энг кам истеъмол харажатлари миқдорини ҳисоблаб чиқишда бугунги шароитда аҳолининг реал ўртача ижтимоий харажатларини инобатга олиш лозим.

Пенсия ва бошқа ижтимоий ёрдам турлари миқдорининг энг кам истеъмол харажатларидан кам бўлмаслиги эса – фуқароларнинг турмуш даражасини яхшилаш, харид қобилиятини сақлаб қолиш, соғлиғи, меҳнат қилиш салоҳиятини сақлаган ҳолда жамиятнинг ҳеч бир аъзосини эътибордан четда қолмаслигини таъминлайди.

ЖавобАҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифаларини қўллаб қувватлаш, уларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишларига кўмак курсатиш ижтимоий давлатнинг муҳим функцияларидан биридир. Айниқса, муҳтож инсонларни ватан ичра ватани бўлган уй-жой билан таъминлаш Янги Ўзбекистон инсонпарвар сиёсатининг ёрқин ифодасидир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев 2022 йил 20 июндаги Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувда Конституциямизда фуқароларимизнинг уй-жойга бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, муҳтож тоифаларни уй-жой билан таъминлаш бўйича давлатнинг мажбуриятларини мустаҳкамлаш зарур”, деб таъкидлаган эди.

Шу боис, янгиланган Конституциямизнинг 47-моддасида Аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифаларини уй-жой билан таъминлаш тартиби қонунда белгиланади”, деган янги инсонпарвар норма мустаҳкамланди.

Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексига мувофиқ, аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларига ногиронлиги бўлган болалари бор ёлғиз ота-она, кўп болали оилалардаги ота-оналар, “меҳрибонлик” уйларининг битирувчилари, ногиронлиги бўлган шахслар, пенсияолди ёшидаги шахслар, жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахслар, одам савдосидан жабрланганлар ва ҳоказолар киради.

Охирги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар натижасида мамлакатимизда “меҳрибонлик” уйларининг битирувчиларини, ногиронлиги бўлган шахсларни, кам таъминланган оилаларни, айниқса алоҳида ёрдамга муҳтож хотин-қизларни уй-жой билан таъминлаш, уларга субсидиялар бериш, уйларнин дастлабки бадалларини тўлаб бериш, имтиёзли ва узоқ муддатли ипотека кредитлар бериш каби инсонпарвар сиёсат амалга ошрилмоқда.

Хусусан, уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлганларга ипотека кредити бўйича дастлабки бадал ва (ёки) фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига субсидиялар тўланиши белгиланди. Янги тартиб доирасида 2020-2022 йилларда жами 27 800 нафар фуқарога бошланғич бадал бир қисмини қоплаш учун 795,6 млрд сўм ва 38 811 нафар фуқарога 429,4 млрд сўм фоиз тўловлари бир қисми  қоплаш учун субсидия ажратилган.

Охирги олти йилда мамлакатимиз бўйича қарийб 300 мингта ёки аввалги йилларга нисбатан 10 баробар кўп уй-жойлар қурилди. Яна бир мисол, уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган хотин-қизлар ижара ҳуқуқи асосида ижтимоий уй-жойларга жойлаштирилмоқда. Жумладан, уй-жой фондида ижара ҳуқуқи асосида истиқомат қилаётган эҳтиёжманд хотин-қизларга улар томонидан тўланадиган ойлик ижара тўловининг 50 фоизи “Аёллар дафтари” жамғармаси ҳамда давлат маблағлари ҳисобидан қоплаб берилмоқда.

Бундай норма Швейцария, Финляндия, Португалия, Польша каби давлатларнинг ҳам конституцияларига киритилган.

Ушбу норманинг белгиланиши ҳар бир фуқаро, айниқса ёш оилаларнинг ўз хонадонига эга бўлиши унинг меҳнат самарадорлигига, ўқиш имкониятларига, самарали дам олишига ижобий таъсир кўрсатиб, шахснинг ижтимоий барқарорлиги ва ҳаётдан розилик даражасини оширади.

Жавоб:  Ҳуқуқий давлатнинг энг муҳим вазифалардан бири мулк ҳуқуқи дахлсизлигини таъминлаш ҳамда мулкдор ҳуқуқларини амалга ошириш ва ҳимоя қилиш учун зарур иқтисодий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратишдан иборатдир. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев 2022 йил 20 июнда Конституциявий комиссия аъзолари билан ўтказилган учрашувда “...уй-жой бўйича конституциявий кафолатни белгилаб қўйиш лозим. Яъни, суднинг қарорисиз ҳеч ким уй-жойидан маҳрум қилинмаслиги керак. Иморат бузилишга тушадиган бўлса, бунинг учун бузишдан олдин унинг қийматига мос равишда компенсация тўланиши шарт...” деб алоҳида таъкидланган эди.

Шу муносабат билан, янгиланган Конституциянинг 47-моддасида қуйидаги нормалар акс этмоқда: Ҳар ким уй-жойли бўлиш ҳуқуқига эга. Ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмас. Уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг қиймати ҳамда у кўрган зарарларнинг ўрни қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда олдиндан ҳамда тенг қийматда қопланиши таъминланади”.

Мазкур модда билан уй-жой мулкдорларига нисбатан икки турдаги муҳим конституциявий кафолат белгиланди: суд кафолати ва уй-жой учун компенсация олиш кафолати.

Суд кафолати уй-жойга нисбатан мулк ҳуқуқи суд қарорисиз маҳрум этилишига йўл қўйилмаслигини англатади. Бу кафолат уй-жойга нисбатан мулк ҳуқуқи мулкдорнинг эрки-хоҳишидан қатъий назар, мажбурий тарзда бекор бўлаётганда қўлланилиши назарда тутилган. Бунда суд томонидан мулк ҳуқуқини бекор бўлишига сабаб бўлувчи ҳолатлар амалдаги қонун ҳужжатлари асосида объектив тарзда кўриб чиқилади. Албатта, мазкур тартиб мулкдор ҳар қандай ҳолатда ҳам асоссиз равишда уй-жойидан маҳрум этилмаслигини кафолатлайди.

Иккинчи кафолат мулкдор иқтисодий манфаатлари ҳимоясига йўналтирилганлиги билан эътиборга молик. Мазкур норма қонунда белгиланган ҳолларда ва тартибда уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорни шу уй-жой ва етказилган зарар учун тенг қийматда компенсация олишини кафолатлайди. Тенг қийматда компенсация олиш нима дегани? Фуқаролик кодекси 206-моддасига мувофиқ, мулкдорга олиб қўйилган мол-мулкка тенг қимматли мол-мулк мулк ҳуқуқи асосида берилиши ва унинг кўрган бошқа зарарлари тўланиши ёки мулк ҳуқуқи бекор қилиниши билан етказилган зарар тўла ҳажмда қопланиши белгиланган.

Мазкур норманинг киритилиши уй-жой мулкдори ҳуқуқларини кафолатли таъминлашга, уй-жойларни ноқонуний олиб қўйилиши билан боғлиқ низоли ҳолатларни олдини олишга, суд ҳимоясини кенгайтиришга хизмат қилади.

ЖавобСаломатлик – инсоннинг бирламчи эҳтиёжи ва истаги бўлиб, фақатгина соғлом халқ, баркамол миллат буюк ишларга қодир бўлади.

Шу боис, янгиланган Конституциямизнинг
48-моддасида “Ҳар ким соғлиғини сақлаш ва малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга. Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмини қонунда белгиланган тартибда давлат ҳисобидан олишга ҳақли”, деган мазмундаги ҳаётий норма мустаҳкамланди. Ушбу нормага кўра:

биринчидан, илк маротаба фуқароларнинг соғлиғини сақлаш ҳуқуқи Конституция даражасида белгиланди. Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш ҳуқуқини таъминлаш мақсадида мамлакатимизда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, профилактик чораларни кучайтириш, бирламчи ва ихтисослашган тиббий хизмат аҳолига яқинлаштириш, тиббий суғуртани босқичма-босқич жорий қилиш, хусусий соғлиқни сақлаш тизимини кенгайтириш, тиббий хизматни рақамлаштириш каби тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

2023 йилнинг ҳозирги даврига қадар тиббиёт соҳасига бюджетдан
29 триллион сўм йўналтирилди, бу маблағ 2016 йилга нисбатан 5 баробар кўпдир. Ўтган беш йилда шифохоналар ва тез тиббий ёрдам пунктларини дори-дармон, тиббиёт буюмлари билан таъминлаш учун маблағлар 12 баробар кўпайтирилди.

Хусусан, қишлоқлардаги 801 та оилавий поликлиника замонавий ташхис аппаратлари билан таъминланди. Бу орқали қишлоқ ва маҳаллаларда 8 турдаги янги тиббий хизматлар йўлга қўйилди. 23 та ихтисослашган тиббиёт марказларининг барча ҳудудларда филиаллари фаолият кўрсатиб келмоқда.

Буларнинг барчаси юртимизда истиқомат қилаётган фуқароларнинг соғлиғини сақлашга қаратилган амалий чоралардир.

Иккинчидан, фуқароларга тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмини қонунда белгиланган тартибда давлат ҳисобидан кўрсатилиши аҳоли саломатлиги учун муҳим ижтимоий кўмак ҳисобланади. Ҳозирда аҳоли учун тиббий ёрдамнинг кафолатланган бепул ҳажми доирасига шошилинч тиббий ёрдам, бир қатор юқумли касалликлар бўйича бирламчи тиббий-санитария ёрдами, ижтимоий аҳамиятга эга касалликлар ва хавфли касалликлар бўйича ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш киради.Давлат ҳисобидан кафолатланган тиббий хизматни ривожлантириш мақсадида 2021 йилдан бошлаб, бирламчи бўғинда аҳолини 66 турдаги, 2022 йилда 120 турдаги дори восита ва тиббий буюмлар билан бепул таъминлаш йўлга қўйилди. Ихтисослашган марказларда бепул даволанадиган касалликлар рўйхати шакллантирилиб, тиббий ёрдам учун йўлланма электрон навбат асосида берилмоқда. Энг муҳими, бу тизимга асосан, маблағлар шифохонага эмас, балки аниқ беморга ажратилмоқда.

Бундай норма Италия, Болгария, Чехия, Латвия, Литва каби давлатлар конституцияларига ҳам киритилган.

Кафолатланган соғлиғини сақлаш ва тиббий ёрдамга оид норманинг белгиланиши  аҳоли соғлиғини ишончли муҳофаза этиш ҳамда аҳоли, оналар ва болалар ўлими, юқумли касалликлар таҳдидини бартараф этишда муҳим рол ўйнайди.

ЖавобАҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, ҳар бир фуқаронинг соғлиғини асраб-авайлаш, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш ижтимоий давлатнинг устувор вазифаларидан биридир.

Айни шу мақсадда янгиланган Конституциямизнинг 48-моддасида “Давлат жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш учун шарт-шароит яратади”, деган муҳим норма мустаҳкамланди.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, саломатликнинг 50% турмуш тарзига боғлиқ, қолган таъсир омиллари – атроф-муҳит, генетика, соғлиқни сақлаш хизматлари ҳисобланади.

Соғлом турмуш тарзи деганда, жисмоний саломатлик ва узоқ умр кўришни таъминлайдиган одамларнинг хатти-ҳаракатлари тушинилади. Бу эса меҳнатни дам олиш ва спорт билан уйғунлаштиришни, тўғри овқатланишни, зарарли одатлардан (чекиш ва спиртли ичимликлар) воз кечишни талаб этади.

Шу боис, 2019-2025 йилларда Саломатлик тизимини ривожланиш Концепциясида ҳам жамиятда соғлом турмуш тарзи ва тўғри овқатланишни кенг тарғиб қилиш, фуқароларда ўз саломатлиги ва атрофдагилар соғлиғи учун жавобгарлик ҳиссини шакллантириш, шунингдек уларнинг маданияти ва тиббий саводхонлигини ошириш бўйича муҳим вазифалар белгиланган.

Конституциямизга киритилган мазкур қўшимчага кўра:

биринчидан, эндиликда давлат жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратади. Жумладан, Янги Ўзбекистоннинг таррақиёт стратегиясида чекка ҳудудлар ва қишлоқларда соғломлаштириш ишларини янада ривожлантириш, ёшларни, ташкилотлар ходимларини, аёлларни, ногиронлиги бўлган шахсларни спорт тадбирларига жалб қилиш, спорт объектлари инфратузилмасини яхшилаш белгиланган. Ушбу йўналишда давлат томонидан 22 сентябрь “Халқаро автомобилсиз куни” деб эълон қилинган. Аёлларни спортга жалб қилиш мақсадида “Баҳор маликалари” спорт мусобақалари, 50 ёшгача бўлган уй бекалари ҳамда 10 ёшгача бўлган қизлар ўртасида “Гимнастрада” спорт фестивалини ўтказиш ҳамда спортга кенг тарғиб қилиш чоралари амалга оширилмоқда;

иккинчидан, давлат аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш учун шарт-шароит яратади. Шу мақсадда, 2020-2025 йилларда аҳолида соғлом овқатланиш одатини шакллантириш бўйича чора-тадбирлар Дастури амалга оширилмоқда. “Соғлом турмуш тарзи” платформаси ишлаб чиқилган, ҳар бир ҳудудда пул мукофоти билан рағбатлантирилган “Соғлом турмуш тарзи ривожланган маҳалла” танловлари ташкил этилмоқда. Эндиликда, бу каби тадбирлани амалга ошириш давлатга конституциявий вазифа сифатида белгиланди.

Мазкур норманинг киритилиши жамиятимизда соғлом турмуш тарзини ҳаётий заруратга айлантиришга, кенг аҳолимизни, айниқса ёшларни жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан шуғулланишга кенг жалб этиш ҳамда ўсиб келаётган авлодни уйғун равишда маънавий ва жисмоний камол топтиришга хизмат қилади.

Жавоб: Атроф-муҳит инсон саломатлиги ва ҳаётига бевосита таъсир қилувчи муҳим омилдир. БМТ маълумотларига кўра, инсон саломатлигининг 20-40 фоизи атроф-муҳит сифати ва ҳолатига узвий боғлиқ. Қулай атроф-муҳит табиий заҳиралар қисқараётган, глобал иқлим ўзгариши, экология ва табиат билан боғлиқ муаммолар инсоният келажагига таҳдид солаётган ҳозирги даврда тобора долзарб аҳамият касб этмоқда.

Қулай атроф-муҳит деганда, инсонга муносиб ва фаровон ҳаёт кечиришга имкон берадиган, инсоннинг жисмоний мавжудлигини таъминлайдиган, унга интеллектуал, ахлоқий, ижтимоий ва маънавий ривожланиш имкониятларини берадиган муҳит тушунилади.

Шахснинг қулай атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқи инсоннинг асосий фундаментал ҳуқуқларидан бўлиб, инсоннинг барча асосий ҳуқуқларини, шу жумладан яшаш ҳуқуқини амалга ошириш учун жуда муҳимдир.

Шу муносабат билан, янгиланган Конституциямизнинг 49-моддасида:

биринчидан, ҳар ким қулай атроф-муҳитга, унинг ҳолати тўғрисидаги ишончли ахборотга эга бўлиш ҳуқуқига эга, деган қоида мустаҳкамланди;

иккинчидан, давлат Оролбўйи минтақасининг экологик тизимини муҳофаза қилиш ҳамда тиклаш, минтақани ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш юзасидан чоралар кўради, деган ҳаётий заруратга мос норма белгиланди.

Афсуски, Оролбуйи минтақасида юзага келган глобал экологик муаммо
50 млн. нафарга яқин минтақа аҳолисининг ҳаёт тарзига салбий таъсир кўрсатмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев 2018 йилда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илк маротаба “Бугунги куннинг энг ўткир экологик муаммоларидан бири – Орол ҳалокатига яна бир бор эътиборингизни қаратмоқчиман. Мана, менинг қўлимда – Орол фожиаси акс эттирилган харита. Ўйлайманки, бунга ортиқча изоҳга ҳожат йўқ”, деб таъкидлаган эди. Шу боис, Ўзбекистонда Орол муаммоси оқибатларини бартараф қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Орол денгизи тубининг 2,5 млн. гектарида янги “яшил макон” яратилмоқда. Шунингдек, Орол ва Оролбўйидаги мураккаб экологик вазият, аҳоли генофондини муҳофаза қилиш, саломатлигини яхшилаш ҳамда ушбу ҳудудда барқарор ривожланишни таъминлашга қаратилган кенг кўламли лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Конституцияга киритилган ўзгаришлар Оролбўйи минтақасининг экологик тизимини ҳимоя қилиш ва тиклаш, уни ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш бўйича давлат томонидан қўшимча чоралар кўрилиши давлатнинг конституциявий мажбурияти сифатида мустаҳкамланди.

Конституцияда ушбу норманинг белгиланиши минтақа аҳолиси учун муносиб яшаш шароитларини яратилишини ва турмуш даражасини жиддий тарзда яхшиланишини таъминлайди, барча касб эгалари, биринчи навбатда ижтимоий соҳа вакиллари учун қўшимча имтиёзлар пакети қўлланилади ҳамда тадбиркорлик тузилмалари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг атроф-муҳитни ҳимоя қилишга йўналтирилган турли лойиҳаларда фаол қатнашиш имконияти пайдо бўлишига хизмат қилади.

Шу билан бирга, мазкур норма аҳолимиз ва келажак авлод учун қулай ва экологик тоза ҳудудни сақлаб қолиш, Оролбўйи минтақасида яшовчи аҳолининг ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш, уларни яшаши ва ривожланиши учун қулай атроф-муҳитни таъминлашнинг Конституциявий кафолатларини яратмоқда.

Жавоб: Билим инсонни комилликка кўтариш билан бирга, у яшаётган жамият ва мамлакатни ҳам юксалтиради. Инсонда билим ва интеллект сифатли таълим натижасида шаклланади. Шу боис, давлат фуқароларнинг таълимга оид ҳуқуқларини амалга оширишни ўз зиммасига олади.

Янгиланган Конституциямизнинг 50-моддасида фуқароларнинг таълим олиш ҳуқуқи билан боғлиқ қуйидаги мазмундаги нормалар мустаҳкамланди:

биринчидан, Давлат мактабгача таълим ва тарбияни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратади, деган норма белгиланди. Бунда давлат янги боғчаларни қуриш, мавжудларини таъмирлаш, шу жумладан давлат, давлат-хусусий шерикчилик ва хусусий боғчаларни кўпайтириш, янги боғчаларни ташкил этишга имтиёзлар ва субсидиялар бериш, пировардида болаларни мактабгача таълим билан қамраб олишни юз фоизга етказиш чораларини кўради;

иккинчидан, умумий ўрта таълимнинг мажбурийлиги белгиланди. Бу дегани мактаб ёшидаги ҳар қандай бола албатта мактабда ўқиши шарт ҳамда бунга тўсқинлик қилишга ҳеч кимнинг, ҳатто ота-оналарнинг ҳаққи йўқ. Ушбу мажбурият таълим олувчига ҳам, таълим ташкилотига ҳам бирдек масъулият юклайди;

учинчидан, мактабгача таълим ва тарбия, умумий ўрта таълим давлат назоратидадир, деган норма ўрнатилмоқда. Олдин фақатгина мактаб ишлари давлат назоратида эди, эндиликда эса мактабгача таълим ҳам давлат назоратига ўтказилмоқда. Натижада боғча ва мактабларда болаларнинг хавфсизлиги ва саломатлиги, санитария-гигиена талабларига риоя этилиши, миллий
ва умуминсоний қадриятларга асосланган тарбия, таълимнинг юқори сифати
ва мазмундорлиги таъминланади;

тўртинчидан, таълим ташкилотларида алоҳида таълим эҳтиёжларига эга бўлган болалар учун инклюзив таълим ва тарбия таъминланади, деган инсонпарвар норма билан тўлдирилмоқда. Унга кўра, жисмоний, ақлий, сенсор (сезги) ёки руҳий нуқсонлари бўлган болалар учун таълим ташкилотларида инклюзив таълим ташкил этилади. Бу шундай нуқсонларга эга болаларимизнинг яккаланиб қолмаслиги, жамиятнинг тўлақонли аъзоси сифатида шаклланиши ва камол топиши учун жуда муҳим;

бешинчидан, давлат узлуксиз таълим тизимининг, унинг ҳар хил турлари ва шакллари, давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари ривожланишини таъминлайди, деб мустаҳкамланди. Бу эса мактабгача таълим-тарбиядан то олий таълимгача, ҳамда бошқа таълим турларини шунингдек, таълимнинг кундузги, сиртқи, кечки, масофавий, оилада таълим олиш, ва мустақил таълим олиш, инклюзив таълим ва ҳоказо шаклларини ташкил этиш ва фаолият юритишига имконият яратади.

Таълимга оид қоидалар инсон ҳуқуқларига оид кўплаб халқаро ҳужжатларда ҳамда Германия, Португалия, Болгария, Уругвай каби давлатларнинг конституцияларида ҳам белгилаб қўйилган.

Юқоридаги нормаларнинг Конституциямизга киритилиши боғчалар ва мактаблар, олий таълим ташкилотлари сонининг кўпайишига, таълим ва тарбия сифатининг ошишига, пировардида ҳар бир шахснинг умри давомида таълимнинг барча турларидан фойдаланиш имкониятини яратади.