narrator-icon
100 та саволга 100 та жавоб

Жавоб: Сўнгги йилларда давлатимизда фуқароларнинг ҳуқуқ, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, хусусан уларнинг малакали юридик ёрдамга бўлган ҳуқуқини таъминлашга қаратилган кўплаб ишлар амалга оширилмоқда.

Айни шу мақсадда янгиланган Конституциямизнинг 29-моддасида “Ҳар бир шахс жиноят процессининг ҳар қандай босқичида, шахс ушланганида эса унинг ҳаракатланиш эркинлиги ҳуқуқи амалда чекланган пайтдан эътиборан ўз танловига кўра адвокат ёрдамидан фойдаланиш ҳуқуқига эга”, деб белгиланди. Мазкур норма жиноят процессида адвокат ёрдамидан фойдаланиш ҳуқуқининг янги ҳуқуқий кафолатларини таъминлайди.

Адвокат ёрдамидан фойдаланиш учун энг аввало, профессионал адвокатлар корпусининг мавжудлиги талаб этилади. Бугунги кунда мамлакатимизда 4500 нафардан ортиқ адвокат фаолият юритмоқда. Энг муҳими, жамиятда адвокат хизматига эҳтиёжнинг ва аҳоли ҳуқуқий маданияти даражасининг ортиб бориши кузатилмоқда.

Жиноят процессининг ҳар қандай босқичида адвокат ёрдамидан фойдаланиш деганда, адвокат томонидан терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов, биринчи инстанция судида, ҳукмни ижро этиш, апелляция ва кассация тартибида ишларни кўриб чиқишда жиноий таъқибга олинган шахс, ҳамда жабрланувчи, гувоҳ ва бошқа шахсларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиниши тушунилади. 

Шахс ушланганида унинг ҳаракатланиш эркинлиги ҳуқуқи амалда чекланган пайтдан эътиборан ўз танловига кўра адвокат ёрдамидан  фойдаланиш ҳуқуқи таъминланади. Яъни, жиноятни содир этишда гумон қилинган шахс жиноят устида ёки бевосита уни содир этганидан кейин қўлга тушса, унга нисбатан ноқонуний ёки асоссиз айблов қўйилишидан, турли босимлардан ҳимоя қилишга йўналтирилган.

Шунингдек, шахс ўз танловига кўра, яъни адвокат ёрдамидан фойдаланиши ёки бундай ёрдамдан воз кечиши мумкин. Агар шахсда адвокат хизматидан фойдаланиш истаги бўлсада, бунга моддий имконияти бўлмаса, давлат ҳисобидан ҳимояланиш ҳуқуқи таъминланиши кафолатланди.

Амалдаги қонунчилигимизга мувофиқ бугунги кунда бепул юридикк ёрдам асосан жиноят процессуал қонунчилиги доирасида кўрсатилади. Фуқаролик ишлари, меҳнат низолари ва бошқа йўналишларда давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилмайди. Конституцияга мазкур янгиликлар киритилса, фуқароларимиз нафақат жиноят ишлари доирасида, балки фуқаролик, меҳнат ва бошқа соҳаларда ҳам давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиши мумкин бўлади. Ушбу кафолат қатор давлатлар конституцияларида, жумладан, Испания, Греция, Нидерландия, Хорватия, Словения ва бошқа мамлакатларда мустаҳкамланган.

Мазкур қоида фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликлари янада ишончли таъминланишига, уларга нисбатан турли босим ва ноқонуний ҳаракатлар содир этилишини ҳамда асоссиз айбловнинг олдини олинишига хизмат қилади.

ЖавобҲар қандай демократик ҳуқуқий давлатда шахсларни ҳуқуқбузарликлардан ҳимоя қилиш, ундан жабрланганларнинг ҳуқуқларини тиклаш муҳим аҳамиятга эга.

Ҳуқуқбузарлик – шахс, жамият, давлат ва манфаатларига зарар келтирувчи, ижтимоий хавфли, айбли, ҳуқуққа зид ҳаракат ёки ҳаракатсизлик бўлиб, юридик жавобгарликни келтириб чиқарувчи қилмишдир. Ҳуқуқбузарликнинг фуқаровий, интизомий, маъмурий, жиноий турлари мавжуд бўлиб, уларни содир этганлик учун тегишли жавобгарлик белгиланган. Ҳуқуқбузарликнинг энг хавфли кўриниши бу – жиноятдир. Жабрланувчи деб жисмоний, маънавий ёки мулкий зарар етказилганлиги оқибатида ҳуқуқбузарликдан жабрланган шахс тушунилади.

Шу боисдан, янгиланган Конституциямизнинг 29-моддасига “Ҳар бир шахс жиноят процессининг ҳар қандай босқичида, шахс ушланганида эса унинг ҳаракатланиш эркинлиги ҳуқуқи амалда чекланган пайтдан эътиборан ўз танловига кўра адвокат ёрдамидан фойдаланиш ҳуқуқига эга”, деган янги норма белгиланди. Мазкур норма давлат зиммасига ҳуқуқбузарликлардан жабрланганларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мажбуриятини юкламоқда.

Шу билан бирга, Конституцияда ҳуқуқбузарликлардан жабрланганларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича давлатга яна қўйидаги мажбуриятлар юклатилмоқда:

Биринчидан, жабрланганларга ҳимояланиш учун шарт-шароитларни  яратиш, яъни жабрланганларга ҳуқуқий, ижтимоий, моддий, психологик, тиббий, педагогик ва бошқа турдаги ёрдам ёки ташкилий-ҳуқуқий чораларни кўрсатиш. Масалан, одам савдосидан ёки бошқа зўравонликлардан жабрланганларга тиббий ёки психологик ёрдам, мол-мулкидан маҳрум бўлганларга етказилган зарар қоплаш чоралари кўрилади.

Иккинчидан, одил судловдан фойдаланишни таъминлаш учун шарт-шароитлар яратиш, хусусан шахсларни давлат органлари ҳамда мансабдор шахсларнинг ғайриқонуний қарорлари ҳамда бошқа фуқароларнинг ғайриқонуний хатти-ҳаракатларидан (ҳаракатсизлигидан), шунингдек ҳуқуқ ва эркинликларига тажовузлардан суд ҳимоясида бўлиш ҳуқуқи кафолатланади.

Учинчидан, жабрланувчиларга етказилган зарарнинг ўрни қопланиши учун шарт-шароитлар яратиш. Бунда давлат ҳуқуқбузарлик туфайли фуқарога, унинг мол-мулкига етказилган зарарни ҳуқуқбузардан ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда қоплаш бўйича ташкилий-ҳуқуқий чораларни кўради. Масалан, фирибгарлик жинояти бўйича зарар қопланмаса, ҳуқуқбузарга нисбатан амнистия ёки афв қўлланилмайди.

Шу каби нормалар  Бразилия, Озарбайжон, Миср, Чехия каби давлатлар конституцияларида ўрин олган.

Ушбу норма жиноят ёки ҳуқуқбузарлик содир этганларни жазолаш билан бирга, аввало, жабрланувчиларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланишини, уларга етказилган моддий ва маънавий зарарлар қопланишини кафолатлайди.

ЖавобШахсий ва оилавий сирларга эга бўлиш инсоннинг муҳим фуқаролик ҳуқуқларидан бўлиб, у давлат томонидан кафолатланиши, Конституция ва қонун ҳужжатлари билан муҳофаза этилиши лозим.

Шу муносабат билан, янгиланган Конституциямизнинг 31-моддасида ҳар бир инсон шахсий ва оилавий сирига эга бўлиш ҳуқуқини белгиловчи муҳим қоида мустаҳкамланди.

Шахсий сирларбу инсон ҳаётидаги воқеалар, фактлар, шароитлар тўғрисидаги ҳар қандай инсоннинг ўзи очиқлашни хоҳламаётган ва бу маълумотларни бошқаларга маълум бўлмаслигидир. Қачонки шахс бу маълумотларни ўз хоҳишига кўра очиқласа, унинг сир тутилиш мақоми бекор бўлади.

Оилавий сирларнинг шахсий сирлардан фарқи шундаки, у оиланинг бир неча аъзоларига тегишли бўлади. Бунда, сир оиланинг барча аъзолари томонидан эмас, балки бир-икки аъзоси томонидан ҳам махфий деб топилиши мумкин. Оилавий сирларда маълумотлар оиланинг барча аъзоларига ёхуд баъзи бирларига алоқадор ҳам бўлиши мумкин.

Шахсий ёки оилавий сирга нафақат кишини ёки унинг оиласини обрўсизлантирувчи, шарманда қилувчи маълумотлар, балки шахс махфий сақлаб қолишни истаётган бошқа маълумотлар ҳам киради.

Афсуски, кейинги пайтларда ижтимоий тармоқлар орқали шахснинг оилавий ёки шахсий сири тўғрисидаги маълумотларни, фотосуратлар, ўзаро ёзишмаларни унинг розилигисиз қонунга хилоф равишда йиғиш ёки тарқатиш ҳолатлари кузатилмоқда.

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида (1948 йил), Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида халқаро пактда (1966 йил) ҳеч кимнинг шахсий ва оилавий ҳаётига ўзбошимчалик билан аралашиш, унинг ёзишмаларидаги сирларига ёки унинг номуси, шаънига тажовуз қилиш мумкин эмаслиги кўрсатилган.

Шахсий ва оилавий сирлар Ўзбекистон қонунчилиги билан муҳофаза қилинади. Хусусан, инсоннинг шахсий ёки оилавий сирини ташкил этувчи шахсий ҳаёти тўғрисидаги маьлумотларни унинг розилигисиз қонунга хилоф равишда йиғганлик ёки тарқатганлик учун маьмурий ва жиноий жавобгарликни белгиланган.

Ушбу норма билан шахсий ва оилавий сирлар эндиликда конституциявий норма даражасига кўтарилиб, давлат кафолати кучайтирилмоқда.

Жавоб: Шахс ўзига доир маълумотларни ҳимоя қилиши унинг шахсий ҳуқуқларидан бири ҳисобланади ва мазкур ҳуқуқ давлат томонидан таъминланиши керак.

Шу муносабат, янгиланган Конституциямизнинг 31-моддасида Ҳар ким ўз шахсига доир маълумотларнинг ҳимоя қилиниши ҳуқуқига, шунингдек нотўғри маълумотларнинг тузатилишини, ўзи тўғрисида қонунга хилоф йўл билан тўпланган ёки ҳуқуқий асосларга эга бўлмай қолган маълумотларнинг йўқ қилинишини талаб қилиш ҳуқуқига эга”, деган қатъий норма белгиланди.

Шахсга доир маълумотлар сифатида инсоннинг бевосита ўзига тааллуқли бўлган электрон ёки қоғозда қайд этилган маълумот тушунилади. Масалан, шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган йили ва жойи, касби, фуқаролиги, маълумоти, оилавий аҳволи, иш жойи, яшаш манзили, оила аъзолари, саломатлиги, ижтимоий аҳволи, партиявийлиги, ҳарбий хизматга алоқадорлиги тўғрисидаги маълумотлар улар сирасига киради.

Инсон туғилганидан бошлаб у ҳақидаги маълумотлар унинг ҳаёти давомида бирор-бир жойда “из” қолдиради. Жумладан, давлат хизматларидан фойдаланганда, шифохонада, ФҲДЁ бўлимларида, боғчада, мактабда, банкларда ва бошқа ташкилотларда, кундалик фойдаланадиган ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларда ёки маълумотлар базаларида шахснинг фото, видео, аудио, ёзма ёки электрон шаклидаги шахсга доир маълумотлар мавжуд.

Айниқса, рақамлаштириш шароитида шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилишга эҳтиёж тобора ортиб бормоқда. Чунки, айримлар ўзгаларга тегишли шахсий маълумотлардан ғаразли мақсадларда фойдаланиш ҳолатлари ҳам амалиётда кўп учрамоқда.

Давлат шахсга доир маълумотларнинг ҳимоя қилинишини кафолатлайди. Хусусан, давлат шахснинг ўз шахсий ҳаётига аралашувдан ҳимоя қилинишини, шахсга доир маълумотларнинг яхлитлигини ва бут сақланишини, махфийлигига риоя этилишини, қонунга хилоф равишда ишлов берилишининг олди олинишини таъминлаши лозим.

Инсон қадри улуғланаётган Янги Ўзбекистонда шахс билан боғлиқ бўлган маълумотларни ҳимоя қилиш бўйича чинакам янги давр бошланди. Жумладан,  2019 йилда қабул қилинган “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги қонунга кўра бунинг ёрқин тасдиғидир. Унга кўра, шахсга доир маълумотлардан фойдаланишга рухсат олган шахслар ушбу маълумот эгасининг розилигисиз шахсга доир маълумотларни учинчи шахсларга ошкор этмаслиги ва тарқатмаслиги шарт.

Шу билан бирга, Конституцияга фуқаронинг ўзи тўғрисида қонунга хилоф йўл билан тўпланган ёки ҳуқуқий асосларга эга бўлмаган маълумотларнинг йўқ қилинишини талаб қилиш ҳуқуқини кафолатловчи янги қоида киритилди.

Шахсга доир маълумотларга ишлов беришни амалга оширувчи давлат органи, жисмоний ёки юридик шахсдан шахс ўзи тўғрисидаги маълумотлардаги турли хатоликларни бартараф этишни, шунингдек унинг розилигисиз, ноқонуний тарзда йиғилган ҳамда ҳуқуқий асоси бекор бўлган маълумотларни йўқ қилинишини талаб қилишга ҳақли. Башарти, ташкилот бу талабни таъминламаса, шахс бузилган ҳуқуқларини тиклаш мақсадида судга мурожаат қилишга ҳақлидир.

Мисол учун, ўзига алоқадор бўлмаган мақолада сурати акс этган шахс ушбу мақолани тарқатган жисмоний ёки юридик шахс, шунингдек давлат органидан ўз суратини мақоланинг таркибидан чиқариб ташлашни (йўқ қилишни) талаб қилиши мумкин.

Хорижий мамлакатларда (Сингапур, Япония) унутилишга бўлган ҳуқуқ” (right to be forgotten) деган ном билан қўлланилувчи ушбу ҳуқуқ шахснинг ўзи ҳақидаги қонунга хилоф йўл билан тўпланган ёки ҳуқуқий асосларга эга бўлмаган маълумотларни ахборот ресурсларидан, жумладан Интернетдан, йўқ қилинишини талаб қилиш ҳуқуқини англатади.

Мазкур норма Германия, Испания, Словения, Озарбайжон, Арманистон, Козоғистон конституцияларида ҳам ўз ифодасини топган, шунингдек Европа иттифоқининг Маълумотларни ҳимоя қилиш регламентида (General Data Protection Regulation) ҳам белгилаб қўйилган.

Конституциямизга бундай норманинг киритилиши, инсоннинг шахсий дахлсизлигини таъминлашни Конституция даражасида мустаҳкамлайди, пировардида ҳар бир инсонга унинг ўзигагина тегишли бўлган маълумотларни сир сақланиши, унинг розилигисиз берилиши, олиниши ёки тарқатилишининг кафолати бўлиб хизмат қилади.

Жавоб: Эркин ҳаракатланиш ҳуқуқи шахснинг мамлакат ҳудудида бир жойдан иккинчи жойга бориш, турар ва яшаш жойини эркин ўзгартириш, мамлакатдан чиқиш ва қайтиш ҳуқуқини қамраб олади.

Мазкур ҳуқуқ инсоннинг эркин ривожланишига хизмат қилади ва у Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида халқаро пакт ва бошқа инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро шартномаларда алоҳида эътироф этилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев 2022 йил 20 июнь куни Конституциявий комиссия аъзолари билан бўлиб ўтган учрашувда “фуқароларнинг мамлакат бўйлаб эркин ҳаракатланиш, турар ёки яшаш жойини эркин танлаш ҳуқуқи мамлакатдан тўсиқларсиз чиқиш ва қайтиш ҳуқуқи кафолатланиши лозим”лигини ва улар Конституция даражасида мустаҳкамланиши зарурлигини таъкидлаган эди.

Янгиланган Конституциямизнинг 32-моддасида қонуний асосларда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлиб турган ҳар ким мамлакат бўйлаб эркин ҳаракатланиш ҳуқуқига эга, деб белгиланди.

Сир эмаски, мамлакатимизнинг яқин ўтмишида эркин ҳаракатланиш ҳуқуқини ассосиз чекловчи қонуности ҳужжатлари мавжуд эди. Масалан, баъзида фуқароларимиз Тошкентга келиш учун йўллардаги назорат постларидан паспортсиз ўта олмас эди, уларни билим олиши, даволаниши, ишлаши ёки қариндошларини кўриши учун пойтахтга келиб туришида ҳам қийинчиликлар мавжуд эди. Фуқароларимизнинг хорижга чиқиши учун эса рухсатнома (стикер) расмийлаштириш талаб этиларди. Бундай тўсиқларнинг аксарияти Ҳаракатлар стратегияси доирасида бартараф этилди, хусусан, йўлларда назорат постлари олиб ташланди, “прописка”, хорижга чиқиш учун рухсатнома (стикер) расмийлаштириш тартиби бекор қилинди.

Эркин ҳаракатланишга оид янги норма инсон қадрини камситувчи, ҳаракатланиш эркинлигига тўсиқ бўлган чекловларни бартараф этиб, ҳар бир шахснинг мамлакатимиз бўйлаб эркин ҳаракатланишини кафолатлайди, аҳолининг қишлоқ жойларидан шаҳарларга эркин ҳаракатланиш учун шарт-шароитлар яратишга, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожига, урбанизация жараёнларининг самарали амалга ошишига ва барқарор ривожланишига муҳим омил бўлади.

Мазкур норма эътиборли жиҳати шуки, у нафақат фуқароларимизнинг, балки Ўзбекистонда турган фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳамда хорижий фуқароларнинг ҳам мамлакатимиз ҳудудида эркин ҳаракатланишини кафолатлайди. Бу эса фуқароларга Ўзбекистоннинг ҳоҳлаган жойига бориш, саёҳат қилиш, билим олиш, ишлаш, тадбиркорлик қилиш имкониятини беради.

Жавоб: Турар ва яшаш жойини эркин танлаш ҳуқуқишахсга давлат ҳудуди доирасида турар ва яшаш жойини эркин ўзгартириш имконини берувчи шахсий ҳуқуқ бўлиб, инсон шахсининг эркин ривожланиши учун муҳимдир.

Шу боис, янгиланган Асосий қонунимизнинг 32-моддасида қонуний асосларда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлиб турган ҳар ким турар ва яшаш жойини танлаш ҳуқуқига эга, деб белгиланди.

Турар жой” ва “яшаш жой” тушунчалари бир-бирига ўхшаш бўлсада, улар фарқланади, турар жой – шахснинг вақтинчалик турар жойи бўлса, яшаш жойи эса – шахснинг доимий яшаш жойи сифатида тушунилади. Фуқаролик кодексида фуқаронинг доимий ёки асосан яшаб турган жойи унинг яшаш жойи ҳисобланади. Масалан, фуқаронинг меҳмонхонада, ётоқхонада, қариндошлари ёки яқинларининг уйида яшаб турган манзили унинг турар жойи, доимий рўйхатдан ўтиб яшаб турган уйи яшаш жойи  ҳисобланади.

Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида халқаро пактнинг 12-моддасида бирор-бир давлат ҳудудида қонуний равишда турган ҳар бир инсоннинг ушбу давлат ҳудуди доирасида эркин ҳаракатланиш ва яшаш жойини эркин танлаш ҳуқуқига эга эканлигининг белгиланганлиги, инсон ҳуқуқлари нуқтаи назаридан муҳим аҳамият касб этади.

Мамлакатимизда фуқароларнинг турар ва яшаш жойини танлаш ҳуқуқини тўлақонли таъминлаш мақсадида узоқ йиллардан буён оғриқли масала бўлиб келган, фуқароларни камситувчи “прописка” тизими йўқ қилинди. Бундан ташқари, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида “фуқароларни яшаш жойи бўйича ҳисобга олиш” тизимини янада соддалаштириш белгиланди.

Мазкур ҳуқуқларни Конституцияда тўғридан-тўғри кўрсатилиши фуқароларимизга Ўзбекистон бўйлаб, хусусан Ватанимизнинг барча вилоятларида, туманларида, шаҳарларида эмин-эркин ҳаракатланиш, яшаш ва фаолият олиб боришларини таъминлайди. Фуқароларимизни пойтахтга ёки бошқа ҳудудларга бориб бемалол билим олишлари, ишлашлари, тадбиркорлик билан шуғулланишларига хизмат қилади ва бошқа ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини тўлақонли амалга оширишга кўмаклашади.

Жавоб: Интернет (лот. inter – аро ва net – тармоқ) бу – ахборот алмашиш, сақлаш ва узатиш учун ахборот-коммуникация тармоғи ва ўзаро боғланган бутунжаҳон компьютер тармоқлари тизими бўлиб, ҳозирда ҳаётни Интернетсиз тасаввур этиш қийин.

Интернетдан фойдаланиш учун шарт-шароит яратиш, энг аввало, ахборотни излаш, олиш, алмашиш ва тарқатишни, шу жумладан, сўз эркинлиги ҳуқуқини таъминлашга кўмаклашади.

Шуни инобатга олиб, янгиланган Конституциямизнинг 33-моддасида “давлат Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланишни таъминлаш учун шарт-шароитлар яратади”, деган замонавий норма мустаҳкамланди.

Кундалик ҳаётимизда таълимдан тортиб, савдо-сотиқгача, давлат органига мурожаат этишдан тортиб, коммунал тўловларни тўлашгача бўлган барча жараёнларни Интернетсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Дастурчилар, блогерлар ва IT йўналишишида янги касблар яратилишига, жамиятнинг очиқлиги ва креативлигини ошишига, давлатнинг иқтисодий ривожига ва таррақиётига кўмаклашувчи воситалардан бири сифатида тан олинмоқда.

Интернет тармоғига киришни таъминлашга оид янги конституцион норма мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини, хусусан, сўз эркинлиги ва ахборот олиш ҳуқуқини таъминлаш учун ҳам мустаҳкам ҳуқуқий замин яратади. БМТнинг Инсон ҳуқуқлари кенгаши томонидан бир неча бор ўз резолюцияларида Интернетда инсон ҳуқуқларини амалга ошириш ва ҳимоя қилиш зарурлиги бўйича тавсиялар берилган. Хусусан, 2011 йил 3 июндаги йиғилишида ҳам Интернет инсон ҳуқуқларини амалга оширишга кўмаклашувчи муҳим восита сифатида тан олинган.

Шу нуқтаи назардан, давлат томонидан Интернет тармоғини доимий равишда ривожлантирилиши замонавий дунёда қўйилаётган янгича талаб инсон ҳуқуқларини нафақат анъанавий шаклда (офлайнда) таъминлаш, балки ушбу ҳуқуқларни виртуал маконда, онлайн шаклда ҳам амалга оширишга имконият яратади. Масалан, мамлакатимизда фуқароларнинг билим олиш ҳуқуқини фақат ўқув юрти биносига келиб эмас, масофадан амалга оширишга, электрон давлат хизматларини кўрсатишга,  мурожаатларни электрон тарзда тақдим этишга ва бошқаларга шарт-шароит яратилмоқда.

Янги Ўзбекистонда фуқароларимиз ва ташкилотларни Интернетга бўлган эҳтиёжларини қондириш мақсадида бир қатор қарорлар қабул қилиниб, ташкилий-ҳуқуқий чоралар кўрилмоқда. Натижада, Ўзбекистонда Интернетдан фойдаланувчилар сони 2016 йилда 12,1 млн бўлган бўлса, 2022 йилга келиб икки баробарга, яъни 32 млн.дан ошди, шунингдек, мамлакатимиз ахоли яшаш масканлари ҳудудини Интернет тармоғи билан қамрови эса 2016 йилдаги 28% дан, 2022 йилда 98% га етган.

Бундай нормани Конституцияга киритилиши, рақамли технологиялар асрида Интернетга оид қонунчиликни такомиллаштиришга, аҳолини, айниқса олис ва чекка ҳудудларда яшовчиларни ҳам Интернет тармоғига уланишига, пировардида ҳар бир шахснинг Интернетдан фойдаланиш ҳуқуқини, жамият ва давлатнинг эса очиқлигини таъминлашга хизмат қилади.

Жавоб: Ҳуқуқий демократик давлат ва очиқ фуқаролик жамиятда сўз эркинлиги нафақат ҳуқуқ, балки ҳар бир инсон учун масъулият ва мажбурият ҳам юклайди.

Янгиланган Конституциямизнинг 33-моддасида ахборот билан боғлиқ қуйидаги нормалар белгиланди:

Биринчидан, ахборотни излаш, олиш ва тарқатишга бўлган ҳуқуқни чеклашга фақат қонунга мувофиқ йўл қўйилиши қатъий белгилаб қўйилди. Бунда шахсларнинг ахборотни излаш, олиш ва тарқатишга бўлган ҳуқуқлари қонуности ҳужжатлари, жумладан Ҳуқумат қарорлари, вазирлик ёки идоранинг, ҳокимликларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари билан, шунингдек, оғзаки ёки ёзма кўрсатмалари билан чекланиши мумкин эмаслиги конституцивий даражада мустаҳкамланди.

Эндиликда, шахсларнинг ахборотни излаш, олиш ва тарқатишга бўлган ҳуқуқлари фақат халқ вакиллари фаолият кўрсатадиган Олий Мажлис томонидан қабул қилинган қонунлар билан чекланиши мумкин.

Иккинчидан, ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш чегарасининг асослари ёки аниқ рўйҳати кўрсатилди. Унга кўра, ахборотни излаш, олиш ва тарқатишда чекловлар фақат конституциявий тузумни, аҳолининг соғлиғини, ижтимоий ахлоқни, бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамоат хавфсизлигини ҳамда жамоат тартибини таъминлаш, шунингдек давлат сирлари ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сир ошкор этилишининг олдини олиш мақсадида зарур бўлган доирада йўл қўйилади.

Бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва обрў-эътиборини ҳурмат қилиш учун ёки давлат хавфсизлигини, жамоат тартибини, аҳоли саломатлиги ёки маънавиятини муҳофаза этиш учун шахснинг айрим ҳуқуқ ва эркинликлари чекланиши мумкинлиги Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактда ҳам белгиланган.

Сўз эркинлиги ва ахборот олиш ҳуқуқи билан боғлиқ чекловлар ва уларни бузганлик учун жавобгарлик қонунчилигимизда ҳам кўзда тутилган. Масалан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда фуқарога маънавий ёки моддий зарар етказиши мумкин бўлган маълумотларни ошкор этганлик, ёлғон ахборот тарқатиш, жамоат тартибига ёки хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон ахборот тарқатганлик учун жавобгарлик белгиланган.

Мазкур янги конституциявий нормалар нафақат фуқароларимизнинг ахборотни излаш, олиш ва тарқатишга, шу жумладан Интернет тармоғидан фойдаланган ҳолда излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқини кафолатлайди, балки мазкур ҳуқуқни суиистеъмол қилинмаслигини олдини олиш, шахс, жамият ва давлатнинг ҳимояси ва хавфсизлигини таъминлаш учун муҳим аҳамиятга эга.

Жавоб: Давлат хизматига киришда тенг ҳуқуқлилик давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, шунингдек, бошқа барча давлат органларида хизматига кирувчи фуқаролар учун тенг имкониятлар яратилиши тушунилади. Бу давлат хизматига киришда номзодларга жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, ҳуқуқларининг тенглиги кафолатланиши орқали амалга оширилади. Бир сўз билан айтганда, бу жараёнда одам ажратмасдан, барчага бир кўз билан қаралади, “фалончини ўғли”, пистончини жияни” бўлганлиги учун унга устунлик бериш каби ҳолатларга асло йўл қўйилмайди. Энг асосий мезон – профессионаллик талаби, яъни қанчалик даражада ўз касбини чуқур билишидир.

Давлат хизматини самарадорлигини оширишнинг энг муҳим йўналишларидан бири давлат идораларига ишга қабул қилишнинг очиқ-ошкора тизими жорий этиш ҳисобланади.

Шу мақсадда, янгиланган Конституциямизнинг 37-моддасида “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари давлат хизматига киришда тенг ҳуқуққа эгадир”, деган қоида белгиланди. Шунингдек, 2022 йилда қабул қилинган “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонунда давлат фуқаролик хизматига киришда Ўзбекистон Республикаси фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилиги принципи мустаҳкамланди.

Мамлакатимизда давлат органлари ва ташкилотларида давлат фуқаролик хизматига киришда барча фуқароларнинг тенг имкониятлардан фойдаланишини ҳамда давлат фуқаролик хизматида профессионал сифатлар ва алоҳида хизматлар асосида кўтарилиб боришни таъминлайдиган номзодларни саралаб олишнинг шаффоф механизмлари амал қилмоқда.

Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 25-моддасида “ҳар бир фуқаро  ҳеч бир камситишсиз ва асосланмаган чеклашларсиз ўз мамлакатида умумий тенглик шартларида давлат хизматига кириш” ҳуқуқига эгалиги белгиланган.

Ўхшаш нормалар Италия, Латвия ва бошқа давлатлар конституцияларида ҳам ўз аксини топган.

Бундай ҳуқуқнинг берилиши фуқароларга давлат хизматига киришда ортиқча талаблар қўйилишининг, коррупциявий ҳолатлар, маҳаллийчилик, таниш-билишчилик, қариндош-уруғчилик каби иллатларнинг олдини олади. Ўзбекистон фуқароларининг давлат хизматига киришда тенг имкониятларга эга бўлишига, давлат хизматининг жозибадорлигини ошишига, ўз навбатида давлат органлари фаолияти самарадорлиги, хизмат кўрсатиш сифати, давлат хизматининг очиқлиги, рақобатдошлиги ва профессионаллигини оширади.

Жавоб: Фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини амалга ошириш, уларни иш билан таъминлаш ва ишсизликдан ҳимоялаш, муносиб меҳнат учун муносиб иш ҳақи билан таъминлаш ижтимоий давлатнинг асосий шартларидан биридир.

Шу боис, Асосий қонунда ҳар бир шахснинг асосий меҳнат ҳуқуқларини кафолатлаш уларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш нуқтаи назаридан муҳим аҳамият касб этади.

Жумладан, янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 42-моддасида меҳнат ҳуқуқи ва уни амалга оширишга оид қуйидаги нормалар белгиланди:

биринчидан, ҳар ким муносиб меҳнат қилиш ҳуқуқига эга, деган норма мустаҳкамланди. Конституциявий ислоҳотлар доирасида  фуқароларнинг меҳнат қилиш ҳуқуқи янгича қараш билан бойитилиб, “муносиб” сўзи билан тўлдирилди. Эндиликда “муносиб меҳнат” деганда, адолатли иш ҳақи тўланадиган иш жойлари, хавфсиз меҳнат шароитлари ва ишончли ижтимоий ҳимоя кўзда тутилади. Борди-ю иш жойларида иш ҳақи етарли бўлса-да, лекин меҳнат шароити хавфсизлиги таъминланмаган бўлса, демак бундай иш жойларини муносиб меҳнат, деб бўлмайди.

Иккинчидан, хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган қулай меҳнат шароитларида ишлаш ҳуқуқига эгалиги белгиланди. Хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган қулай меҳнат шароитлари деганда, хавфсизлик стандартлари, санитария нормалари ва қоидалари, гигиена нормативлари талаблари асосида иш жойларини ташкил этиш тушунилади. Бундай шароит ходимларни касб касалликлари, ишлаб чиқаришдаги шикастланишлар ва инсонлар ўлимини ёки соғлиғига зарар етказишнинг олдини олади.

Ушбу масалада Халқаро Меҳнат Ташкилоти Меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасига кўмаклашиш асослари тўғрисидаги Конвенцияси (2006 йил) қабул қилинган бўлиб, Ўзбекистон 2021 йилда ушбу ҳужжатни ратификация қилган.

Учинчидан, меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш ҳуқуқига эга, деган норма назарда тутилди. Шу мақсадда ҳар йили меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори ва базавий ҳисоблаш миқдори белгиланади.

Ўхшаш нормалар Испания, Италия, Португалия, Чехия, Руминия, Хитой, Туркия каби давлатлар конституцияларида белгиланган.

Меҳнат ҳуқуқига оид ушбу янгиликлар фуқароларимизга ҳаёти ва соғлиғи учун зарар етказмайдиган иш жойларда ишлашга, меҳнатига яраша муносиб иш ҳаққи олиш, ҳаёти ва соғлиғини суғурталаш, хизмат уйлари билан таъминланиши, бепул тиббий хизмат, нафақа ва пенсия билан таъминланишига конституциявий кафолат яратади.